Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
2025 йил 17 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова билан учрашди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат фуқароларининг мурожаатларини ўзаро ҳамкорликда кўриб чиқиш тажрибаси, шу орқали эришилаётган натижалар ва бу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этиш лозимки, 2025 йилнинг 1 чорагида Ўзбекистон Омбудсманига хорижий давлатлар Омбудсманлари ва чет элда яшаётган фуқаролардан 36 та мурожаат келиб тушган. Шундан 11 таси Россия Федерацияси ҳудудларига тўғри келади. Россия Омбудсманига эса ўша ерда яшаётган фуқароларимиз манфаатида 6 та мурожаат юборилган. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган. Инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсманларнинг ўзаро ҳамкорлиги кўплаб, мусофирчиликда юрган инсонлар муаммоларини ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Учрашувда вақтинча РФда яшаб, меҳнат қилаётган, таълим олаётган юртдошларимизни, шунингдек хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларида сақланаётган ҳамюртларимиз ҳуқуқларининг ҳимояси масалалари ҳам кўриб чиқилди. Феруза Эшматова бундай ҳолатларнинг олдини олишда ўзаро ахборот алмашинуви ва мониторинг фаолиятини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида муҳокама қилинган масалалар бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасини қабул қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти 25 йилдан ортиқ вақтдан давомида фаолият юритиб келмоқда. У мустақил конституциявий институт ҳисобланади, мамлакатнинг барча субъектларида эса ҳудудий омбудсманлар фаолият олиб боради. Институт марказий аппарати 250 нафардан ортиқ мутахассисларни ўз ичига олади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати