Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиззахда иш ҳақи ва таътил компенсациялари ундирилди: 6 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасининг “Реанимация” бўлимида фаолият юритган 4 нафар тиббиёт ходимининг иш ўрни аттестациядан ўтказилганда зарарли иш ўрни деб топилган ва уларга ҳақ тўланадиган қўшимча меҳнат таътили берилиши назарда тутилган. 

Бироқ 2024 йил давомида на таътил берилган, на унинг пули тўланган.

Шу билан бирга, “Жиззах-Тоштепа Текстил” МЧЖда ишлаган 2 нафар фуқаро ишдан бўшатилганидан сўнг иш ҳақи ва якуний ҳисоб-китобини ололмаган.

Меҳнат ҳуқуқлари бузилган бир гуруҳ фуқаролар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га мурожаат қилишди.

Мурожаатлар назоратга олиниб, Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Ҳуқуқий асослар аниқлангач, Жиззах туманлараро судига даъво аризалари киритилди.

Суд қарорлари асосида  иш ҳақи ва компенсация тўловлари фуқаролар фойдасига ундирилди.

Қарздорлиги мавжуд бўлган иш берувчилар суд муҳокамасида ҳамда судга тақдим этган эътирозномаларида молиявий аҳволи яхши бўлмаганлиги сабабли тўловлар ўз вақтида тўланмаганлигини важ сифатида келтирган. Аммо уларнинг бу важлари ходимлар учун иш ҳақлари ва бошқа тўловларнинг тўланмаслигига сабаб бўлмайди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати