Мониторинг ташрифида Қораўзак, Чимбой, Нукус, Хўжайли туманлари ва Нукус шаҳридаги ҳушёрхоналар қамраб олинди. Ушбу ташрифлар давомида бир қатор камчиликлар ва санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, Нукус шаҳридаги ҳушёрхонанинг биноси ва хоналари таъмирталаб аҳволда экани, ювиниш хоналарининг мавжуд эмаслиги, ҳожатхона жуда ачинарли ҳолда экани қайд этилди. Шунингдек, пункт ички тартиб ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қўриқлаш хизмати йўлга қўйилмаётгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Чимбой, Нукус ва Хўжайли туманларидаги ҳушёрхоналарда тиббий ёрдам кўрсатиш ва даволаш учун зарур бўлган тиббий буюмлар, жиҳозлар ва дори-дармонлар етарли эмаслиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Омбудсман томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдимнома киритилди.
Омбудсманга маълум қилинишича, ҳозирда Нукус шаҳридаги ҳушёрхона вазирликнинг тегишли буйруғига асосан 1995 йилда қурилган бинодан Алмазар кўчасидаги янги манзилга кўчирилган.
Мониторинг натижаларига кўра, Хўжайли, Нукус ва Қораўзак туманларидаги ҳушёрхоналар таъмирланиб, санитария ва хавфсизлик талабларига мос равишда қайта жиҳозланди. Ювиниш хоналари ва ҳожатхоналар бинолар ичига жойлаштирилди, муолажа хонаси, Миллий гвардия ходимлари учун алоҳида хоналар, хизмат хоналари, шахсий ва қимматбаҳо буюмларни сақлаш учун жойлар ажратилди. Шунингдек, матрас, сочиқ, ёстиқ жилдлари ҳамда зарур дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, 2025 йил 2-чоракда Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш Чимбой туманлараро пунктида жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун туман ҳокимлиги томонидан 190 млн сўм маблағ ажратиш режага киритилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати