2025 йилнинг 21 март куни “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили ва 3-минтақавий ҳудуд 40-сон манзил-колонияси билан ҳамкорликда мазкур муассасадаги жазо муддатини ўтаётган шахслар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Мазкур танлов 5 хил йўналишдаги саволлар, жумладан, мантиқий, географик, адабиёт, тарих ва дунёвий билимлар бўйича ўтказилди.
Шу йўналишдаги тадбир Сирдарё вилояти Ховос қўрғонида жойлашган 8-сон тергов ҳибсхонасида ҳам ташкил этилди. Ушбу танлов мазкур муассасада хизмат олиб бораётган ходимлар ҳамда хўжалик хизматида қолдирилган маҳкумлар ўртасида ўтказилди.
Қизғин муҳокама ва савол-жавобларга бой тарзда ўтган танловлар якунида юқори ўрин олган иштирокчилар муносиб тақдирландилар.
Бундан ташқари, байрам муносабати билан Омбудсманнинг Сирдарё ва Наманган вилоятидаги минтақавий вакиллари маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаганлигини аниқлаш мезонлари бўйича комиссия йиғилишларида иштирок этишди. Хусусан, Сирдарё вилоятидаги 40-сон манзил-колониясида бўлиб ўтган Комиссия йиғилишида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан 47 нафарига ҳамда 8-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларида қолдирилиб жазо муддатини ўтаётган маҳкумлардан 9 нафарига ўрнатилган тартибда хулосалар расмийлаштирилди. 6-сон Жазони ижро этиш колониясида Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида ўтказилган Комиссия йиғилишида эса жазо муддатини ўтаётган 105 нафар маҳкумга хулоса берилди.
Шунингдек, маҳкумларнинг байрам кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли хил миллий ўйинлар, спорт мусобоқалари ўтказилди ҳамда байрам дастурхони тайёрланиб, концерт дастурлари ташкил этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати