Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилмоқда ва ижобий ечим топмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйи битирувчиси ва ота-она қарамоғисиз қолган ёлғиз қиз 2 йилдан буён унинг ижтимоий ҳуқуқлари таъминланмаётганлиги бўйича шикоят қилди.

Унга кўра, 2022 йилда мурожаатчи 22-сонли “Меҳрибонлик уйи”ни битириш арафасида уй ажратиш бўйича онлайн рўйхатга олиниб, навбатга қўйилган. Лекин рўйхат бўйича навбати келган бўлсада, фуқаро мурожаати ечим топмаган. Унинг турли ташкилотларга қилган мурожаатлари ҳам натижа бермаган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, унинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди ва ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, зарур таъсир чоралари тайёрланди. Натижада мурожаатчига Янгиҳаёт туманидаги кўп қаватли уйлардан турар-жой ажратилишига эришилди. Ҳозирда фуқаро ўзига тегишли бўлган янги уйда яшамоқда.

Шунингдек, ўтган ҳафта давомида фуқароларнинг шахсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларининг таъминланмаётгани бўйича йўлланган мурожаатлари Омбудсманнинг Наманган, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари томонидан жойига чиқиб ўрганилди.

Мазкур шикоятларнинг айримлари масала ўрганилаётган жойнинг ўзида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича зарур ҳужжатлар тўпланмоқда ва ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Ўрганиш натижалари бўйича тегишли таъсир ҳужжати тайёрланади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман аҳоли мурожаатларини фуқаролар қабули, сайёр қабуллар, почта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, www.pm.gov.uz интернет портали, ombudsman.uz сайти ва мобил иловаси ҳамда “Омбудсман қути”лари орқали қабул қилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати