Мониторингларда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонаси, Хоразм вилоятида жойлашган Хазорасп тумани Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйи ва вилоят руҳий асаб касалликлар диспансери, Фарғона вилоятидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва махсус қабулхона, Бухоро вилоятида жойлашган 4-сон тергов ҳибсхонаси, 17-сон Жазони ижро этиш колонияси, Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ва Махсус қабулхона, Сирдарё вилоятидаги 8-сон тергов ҳибсхонаси ва Янгиер “Мурувват” Ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи, Наманган вилояти Махсус қабулхонаси ҳамда Тошкент шаҳар “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сон интернат уйи ва шаҳaр “Саховат” интернат уйидаги шароитлар кўздан кечирилди.
Ташрифлар давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, дори-дармон воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш шароитлари, сайилгоҳлар, муолажа ва даволаш бўлимлари, тергов ва адвокатлар хонаси, кутубхона, спорт зал, тўгараклар хонаси, телефон орқали сўзлашув ва учрашув хоналари ҳамда ҳудудлардаги иссиқлик таъминоти ҳолати ўрганилди.
Мониторинглар жараёнида мазкур ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар назоратга олиниб, ариза муаллифлари билан сайёр қабуллар ўтказилди.
Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, аниқланган камчиликлар бўйича мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати