Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкум ва маҳбуслар Омбудсманга қандай масалаларда мурожаат қилмоқда?
Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган бир маҳкум ёлғиз ва боқувчисиз қолган онасининг оғир аҳволидан хабар топгач, Омбудсманга мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва маҳалла масъул ходимлари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Натижада таъмирталаб, иситиш тизими эскирган уйда ёлғиз яшаётган маҳкумнинг онасига "Саҳоват ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан 7 миллион сўм ажратилди ва ҳозирда уйда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистондаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган икки нафар маҳбус оиласининг учрашувга келишга шароити йўқлигини билдириб, телефон орқали мулоқот қилиш учун ёрдам сўради. Омбудсман тегишли суд органларига илтимоснома киритиши натижасида маҳбуслар мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Тошкент вилоятидаги 21-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини  ўтаётган маҳкума "Омбудсман қутиси" орқали мурожаат қилиб, ногиронлиги бўлган фарзандини парвариш қилаётган турмуш ўртоғи учун парвариш нафақаси белгиланишида амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси билан ўрганилиб, маҳкуманинг турмуш ўртоғига нафақа расмийлаштирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари