Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олиниб, ҳолатга доир маълумотлар ўрганилмоқда.
14-сон жазони ижро этиш колонияси навбатчилик қисми томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган.
Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этганлиги айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда. Шунингдек, Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсман томонидан мурожаат юборилди.
Омбудсман терговга қадар текширув давомида мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати