Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳбуслар мурожаатлари ўрганилмоқда
Жорий ҳафтада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларидаги минтақавий вакиллари томонидан ҳибсхоналарда сақланаётган маҳбуслар мурожаатлари ўрганилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонаси, Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонаси, Наманган вилояти Чуст туманидаги ҳамда Хоразм вилояти ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Уларда 15 нафардан ортиқ маҳбуслар мурожаатлари бўйича якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Маҳбуслардан келиб тушган мурожаатларда тиббий ёрдам олиш, суд жараёнларида тегишли ташкилот вакиллари иштирокини таъминлаш, кечиктирилган суд жараёнини тезлаштириш, яқин қариндошлар билан учрашув ташкил этиш каби масалалар акс этган. Баъзи мурожаатлар жойида ҳал этилди, қолганлари эса назоратга олинди.

Бундан ташқари, Хоразм вилояти Урганч шаҳрида жойлашган Махсус қабулхона ҳамда 11-сон тергов ҳибсхонасига ҳам мониторинг ташрифлари ўтказилди.

Мониторингда мазкур муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари, адвокатлар ва тергов хоналари ҳамда иссиқлик тизимининг ишлаш ҳолати ўрганилди.

Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилиши таъминланади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати