8-10 октябрь кунлари ўтказилган ушбу сессияда эркак ва аёлларга тенг имкониятлар яратишнинг кафолатлари, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳамда ЕХҲТнинг гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳаракатлар режасининг таъминланиши масалалари бўйича чиқишлар қилинди.
Халқаро конференцияда сўзга чиққан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига чек қўйиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилган қонунчилик ислоҳотлари ҳамда чора-тадбирларга тўхталди. Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилгани, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳамда гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш мақсадида 2030 йилгача мўлжалланган гендер Стратегияси қабул қилинганлиги қайд этилди.
Конференция давомида, бошқа мамлакатлардан қатнашган вакиллар ҳам гендер тенглиги ва зўравонликка қарши курашиш бўйича ўз мамлакатларидаги тажриба ва ёндашувлар билан ўртоқлашдилар.
Халқаро конференциядан сўнг, Ўзбекистон ташаббуси билан мамлакатимизда аёлларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик, кўрилаетган чоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирларига бағишланган қўшимча муҳокамалар (сайд эвент) ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг гендер тенглигини таъминлаш,аеллар фаллигини қўллаб қўллаб қувватлаш, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштироки, уларнинг қонунчилик ташаббусларига кўмаклашишдаги роли ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришдаги фаол иштироки кенг муҳокама қилинди.
Хусусан, Давлат раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унинг аҳамиятига тўхталинди. Ушбу ҳужжатнинг фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва соғлом рақобат тамойилига асосланган тизимини шакллантириш, шунингдек, ижтимоий фойдали дастурлар самарадорлигини оширишга қаратилгани таъкидланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати