Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – парламентнинг доимий назоратида
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасида давлат ҳарбий ташкилотини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишга доир янги механизмларни ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Қайд этиш жоизки, ҳарбий хизматчилардан келиб тушаётган мурожаатларнинг мазмуни, кўлами ва уларда кўтарилган масалалар ҳал этилганлиги даражаси ушбу вазифалар ижросини баҳоловчи сифат кўрсаткичларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Жорий йилнинг 5 июнь куни мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан ҳарбий хизматчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолати бўйича батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, ҳарбий хизматни ўташ учун қулай ва хавфсиз шарт-шароитларни, замонавий инфратузилмани яратиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароитини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

Қўмита мажлисида Ҳарбий прокуратура масъуллари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳам сўзга чиқиб, уларга ҳарбий хизматчилардан келиб тушган мурожаатларда кўтарилган масалалар ва уларнинг ечими борасида бажарилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Шу билан бирга, тадбирда Давлат раҳбарининг 2023 йилдаги “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган бир қатор вазифалар ҳамда уларнинг ижроси ҳолати ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Муҳокамалар давомида депутатлар ҳарбий хизматчиларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларида кўтарилган масалаларни тизимли равишда ҳал этиш борасида тавсияларни билдирдилар.

Эшитувда берилган ахборот, билдирилган фикр ва мулоҳазалар якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилиниб, унда тегишли вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бир қанча таклифлар ўз аксини топди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати