Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Қашқадарёдаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди
Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қийноқларнинг олдини олиш мақсадида Жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Шунга кўра, 2024 йилнинг 13-16 март кунлари Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари Қашқадарёдаги қатор пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифини амалга ошириб, у ердаги шароитларни ўрганишди.

Мониторингда шунингдек, сенатор ва депутатлар, Омбудсман Котибияти ходимлари ҳамда “Мадад” ННТ ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. 

3-сон Жазони ижро этиш колониясига ўтказилган мониторинг ташрифи давомида муассасанинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, колониядаги "Омбудсман қути"лари кўздан кечирилди.

Ўғлини кўриш учун узоқ муддатли учрашувга келган она бугун набиралари билан келганини айтди. “Муассасадаги шароитлар яхши экани сабабли кўнглим хотиржам. Ҳозир набираларим отаси билан ўйнашяпти, уларга балиқ пишириб бермоқчиман” деди маҳкумнинг онаси. 

Колониядаги ишлаш қобилиятига эга бўлган маҳкумлар ғишт заводи, тикувчилик, мебель ва қоғоз ишлаб чиқариш цехларида ишга жалб этилган. Ногиронлиги бор шахслар, бетоблар ва кекса маҳкумлар ишга жалб этилмайди.

Ойлик масаласида тикувчилик цехида ишловчи маҳкумлардан бири билан суҳбатлашилганда, у колонияга келгандан кейин шу касбни ўргангани ва унга ишбай асосида иш ҳақи тўланаётганини маълум қилди.

Шу билан бир қаторда, колонияда сақланаётган шахслар билан жамоавий тартибда суҳбатлашилди. Омбудсманга якка тартибда мурожаат қилиш истагида бўлган маҳкумлар мурожаати ҳоли тарзда қабул қилинди.

Шу куни вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси ҳамда Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиалига ҳам мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 

Омбудсман ушбу муассасаларга ўтказилган аввалги ўрганишларда аниқланган камчиликларнинг бартараф этилганига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, бир йил аввал вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонасида бинонинг таъмирталаблиги ҳамда санитария-гигиена талабларига зид бўлган канализация билан боғлиқ муаммолар ҳамда ювиниш хоналарида иссиқ сувнинг йўқ эканлиги каби камчиликлар аниқланган эди. Мониторингда вилоят асаб-руҳий касалликлар шифохонаси бошқа бинога кўчирилгани ва унинг ҳудудида беморларнинг сайр қилиши ҳамда тоза ҳаводан баҳраманд бўлишлари учун кенг ҳудуд ажратилиб, ободонлаштирилган. Бино ичкариси яхши таъмирланган, керакли мебеллар ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминлангани аниқланди.

Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиали эса Омбудсман тавсиясига кўра қайта реконструкция қилиниб, аввал билдирилган камчиликлар бартараф этилгани маълум бўлди.

Тўрт кунлик ташриф давомида Қашқадарё вилоятидаги 2- ва 10-сон ЖИЭКлари, 5-сон тергов ҳибсхонаси, 35- ва 33 сон Манзил-колониялари, Қашқадарё вилояти ИИБ Махсус қабулхонаси ҳамда реабилитация қилиш маркази, Қарши шаҳри, Косон ва Китоб туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Шахрисабз аёллар мурувват уйи ва  қатор бошқа ёпиқ муассасалардаги шароитлар ҳам ўрганилди.

Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифлари якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати