Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган "Омбудсман мактаби" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир Самарқанд вилояти, Ургут тумани, Тожикистон билан чегарадош ва марказдан узоқда жойлашган "Мирзабағлон" ҳамда "Чен" МФЙ аҳолиси учун ўтказилди.
Шу куни Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар қабули ташкил этилиб, 41 нафар фуқаронинг мурожаатлари назоратга олинди.
Омбудсман мактаби доирасида Самарқанд вилояти Солиқ идораси томонидан контракт асосида ўқийдиган 37 нафар талабага 12% лик даромад солиғини қайтариб олиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди ҳамда Адлия бошқармасининг давлат хизматлари вакиллари томонидан 38 нафар фуқароларга мобил хизматлари кўрсатилди.
Тадбирга "Ҳудудгаз" АЖ Самарқанд вилоят филиали ҳам жалб этилиб, "Чеп" маҳалласи фуқаролари томонидан кўтарилган масалалар жойида ҳал этилди. Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 14 нафар ногиронлиги бор фуқароларга 5 та ногиронлик аравачаси, 6 та қўлтиқ таёқ ва 3 та қулоқ учун овоз кучайтиргич мосламалари берилди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги мутахассислар жалб этилган ҳолда 565 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож 10 нафар фуқарога кам таъминланганлиги учун бепул операция қилиш чораларини кўриш белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати