Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман институтига “А” мақомини бериш масаласи муҳокама қилинди
2024 йилнинг 15 февраль куни Миллий инсон ҳуқуқлари институтлари Глобал альянси (GANHRI) томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)ни Париж принципларига мувофиқлиги бўйича қайта аккредитациядан ўтказиш ва “А” мақомини бериш билан боғлик масалалар онлайн шаклда муҳокама этилди.

Унда Омбудсман ҳамда БМТТДнинг Европа ва Марказий Осиё учун Истанбул минтақавий маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг глобал альянси (APF), БМТТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари иштирок этишди.

Қайд этиш лозимки, 2020 йилда Глобал альянс томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) аккредитациядан ўтказилиб, унга “В” мақоми берилган.

Дастлаб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) 2020 йилда GANHRIнинг тегишли қўмитаси томонидан берилган тавсиялар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда 2021-2023 йилларда Омбудсман фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

Онлайн мулоқотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқармасининг (OHCHR ROCA) минтақавий вакили Матилда Богнер Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар натижасида Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолиятининг йўлга қўйилгани, мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларни олдини олиш ва очиқликни таъминлаш борасида мамлакатнинг эришган ютуқлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг кучайтирилгани, конституциявий ислоҳотлар жараёнида Омбудсманга қонун ташаббуси ҳуқуқининг берилгани ва унинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланётганлигини ижобий баҳолади. Шунингдек, Омбудсманнинг 2025 йилда аккредитациядан ўтказилиши нуқтаи назаридан, уни “А” мақомини олиш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Йиғилишда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг миллий инсон ҳуқуқлари институтлари сектори раҳбарининг ўринбосари, Глобал альянсининг аккредитация бўйича кўмитаси котиби Синита Редерт ҳам Омбудсман институтининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги иштирокининг мустаҳкамлангани ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратди.

Шунингдек, Миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг глобал альянси (APF) директори Кирен Фицпатрик ва Ҳуқуқий ва сиёсий бошқарувчи  Филип Уордл, БМТТДнинг Европа ва Марказий Осиё учун Истанбул минтақавий маркази мутахассиси Айнура Беккоенова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бошқармаси Ўзбекистон офисида Павло Бяликлар ҳам сўз олиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикаси Oлий Мажлисининг Инсoн ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Oмбудсман) ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги молиявий кўмагида амалга оширилаётган БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати