Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Парламент комиссиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди
2024 йилнинг 9 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 2023 йилда 18622 тани ташкил этди. Бу кўрстакич 2022 йилда 17761 тани ташкил этган.

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Қашқадарё,Сурхондарё вилоятларига ҳамда Тошкент шаҳрига, энг кам мурожаатлар эса Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилоятига тўғри келади.

Тадбирда депутатлар Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 170 та таъсир чоралари киритилгани, хусусан, судларга фуқаролар манфаатида берилган 100га яқин ариза ва даъво аризаларининг 98% қаноатлантирилгани, такрорий мурожаатлар сони 2022 йилга нисбатан 21,0 фоизга камайганини ижобий тажриба сифатида таъкидлашди.

Омбудсман 2023 йилда фуқароларнинг экологик ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш йўналишидаги мурожаатлар 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошиб, 316 тани ташкил этганига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, мурожаатларда шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг бузилиши натижасида экологик зарарнинг келиб чиқиши, санитария-эпидемиология қоидаларига риоя этмаслик, тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқ, экологик ҳуқуқларни суд орқали ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалари кўтарилган.

Шу йўналишдаги мурожаатлар назоратга олиниши ва ўрганилиши натижасида фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари таъминланаётгани. Жумладан, аҳоли яшайдиган ҳудудда жойлашган “Темир-бетон ишлаб чиқариш” корхонасини бошқа ҳудудга кўчирилган, Омбудсман сўровига асосан экологияга оид талабларни бузган ҳуқуқбузар салкам 10 млн сўм маъмурий жаримага тортилган.

Шунингдек, Омбудсман аҳолининг тоза ҳавога бўлган ҳуқуқини таъминлаш мақсадида тегишли давлат идоралари ва Бизнес Омбудсманга мурожаат қилгани ва 2024 йил учун қатор чора-тадбирлар белгилаб олганини маълум қилди.

Омбудсманнинг фуқароларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиши натижасида 9 та жиноят иши қўзғатилган, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган, 16 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақида қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган, 4 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 18 нафар ходим интизомий жазога ва 12 нафар масъул маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, Парламент комиссияси аъзоларига Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш, ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Йиғилиш якунида комиссия аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати