Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Навбатдаги тадбир жорий йилнинг 24 ноябрь куни Наманган вилояти Чуст туманидаги “Ғова” маданият саройида ўтказилди. Унда “Юқори”, “Тинчлик”, “Янгиҳаёт”, “Ғовасой соҳили” ва "Варзигон" МФЙлардан жами 80 дан ортиқ фуқаролар иштирок этишди.
Марказдан олис чегара ҳудуди ҳисобланган Ғова қишлоғи ўтказилган очиқ мулоқотда "Ўзбекистон-2030" стратегияси ҳамда аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳа доирасида Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакилининг фуқаролар қабули ҳам ўтказилиб, унда 30 нафарга яқин мурожаат қабул қилинди.
Шунингдек, тадбир якунида Омбудсман минтақавий вакили бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда Ғова қишлоғидаги 6-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси ҳам бўлиб ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати