Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари Намангандаги 6-сон жазони ижро этиш муассасасидаги шароитларни ўрганишди
Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қийноқларнинг олдини олиш мақсадида Жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари тизимини йўлга қўйиш белгиланган.

Шунга кўра, жорий йилнинг 10 август куни Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Наманган вилоятидаги 6-сон жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Мониторингда маҳаллий ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари, жумладан, «Ҳуқуқий таянч» ННТ, «Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти» ННТ«Гуманитар ҳуқуқий марказ» ННТ, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Швеция ташкилоти «Марказий Осиё Уюшмаси» Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, «Мадад» ННТ, «Ҳунарманд» уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист ва ОАВ ҳам бевосита иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишишди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсман бошчилигида ўтказилган аввалги мониторингларда ушбу муассасада маҳкумларнинг овқатланиш ва ювиниш хоналаридаги шароитларни яхшилаш, ногиронлиги бўлган шахсларга қўшимча шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилган эди. Шунингдек, ўтган йили ўтказилган мониторинг ташрифлари доирасида маҳкумлар орасида аноним сўровнома ўтказилиб, сўровома натижалари юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган. Бу галги ташрифда айни жиҳатларга эътибор қаратилди.

Ташрифи давомида, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Мониторингда Омбудсман томонидан берилган тавсиялар инобатга олингани, ошхона ва ювиниш хоналари қайта таъмирлангани ва ногиронлиги бўлган шахслар учун барча кириш жойларига белгиланган градусдаги пандуслар ўрнатилгани аниқланди.

Маълумот учун ҳозирги кунда муассасада 25 нафарга яқин ногиронлиги бўлган маҳкумлар сақланмоқда. Шунингдек, муассасаса кутубхонасида ҳам брайл алифбосидаги китоблар мавжудлиги аниқланди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда Омбудсманнинг Наманган вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси Наманган вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятнинг Поп туманидаги ушбу 6-сон Жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун ҳунармандчиликнинг “Металл буюмларни ясаш” йўналиши бўйича 2 ойлик ўқув курси ташкил этилган. Мазкур ўқув курсини тамомлаган 56 нафар маҳкумларга сертификатлар топширилган. Мониторинг ташрифи доирасида янги ҳунарга ўргатилган яна 10 нафарга яқин маҳкумларга сертификатлар топширилди.

Шунингдек, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди. Нонвойхонада ишлаётган маҳкум ушбу муассасага келиб, нонвойчилик касбини яхшилаб ўзлаштиргани ва ўз бизнес режасини ишлаб чиққани, озодликка чиққач тадбиркорлик билан шуғулланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, нонвойчилик орқасидан ҳар ойда 900 минг сўм ойлик маошини олади.

Мониторингдан сўнг, Омбудсман якка тарзда мурожаат қолдиришни истаган маҳкумлар учун сайёр қабул ўтказди. Маҳкумлар мурожаатларининг аксарияти суд-тергов жараёнлари билан боғлиқ. Даволаниш борасида ёрдам сўраган маҳкумлар мурожаатлари жойида ҳал этилди.

Маълумот учун, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олиш мақсадида 2023 йил 1-ярим йиллигида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 348 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида бу кўрсаткич 156 маротабани ташкил этган.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати