Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
2023 йилнинг 20 июль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори элчи Клеменс Койя билан учрашди.

Учрашув жараёнида Ф.Эшматова мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта референдум асосида олий ҳуқуқий ҳужжат - Янги Конституция қабул қилинганлиги, унда инсон ҳуқуқлари тамойиллари энг олий қадрият даражасига кўтарилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Конституцияда Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент Қуйи палатасига киритишга ҳақли экани белгилаб қўйилгани, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи кўплаб давлатлар Омбудсманларида мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Суҳбат давомида меҳмонларга институтининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий таҳлил ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик тўғрисида маълумот берилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда ўтказилиши режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди. Элчи Клеменс Койя Омбудсман институти билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашув дўстона, очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати