“Жинсий ва гендерга асосланган зўравонлик муаммосини қамоқда сақлаш мониторингига интеграция қилиш” мавзусига бағишланган тренингда Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Жануби-Шарқий Европа, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидан назорат механизмларининг 50 га яқин вакиллари қатнашишди.
Мазкур минтақавий тренинг жинсий ва гендерга асосланган зўравонлик муаммосини қамоқда сақлаш мониторингига интеграция қилишда назорат механизмларининг салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Унда иштирокчиларга зўравонликни акс этиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар турлари, уларнинг мониторинги билан боғлиқ муайян хавф ва муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича халқаро амалиёт ҳақида маълумот берилди.
Тренинг давомида қатор давлатлар Омбудсманлари жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташкил этиш бўйича ўз тажрибалари билан бўлишишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) бу борадаги ўз тажрибасига тўхталар экан, ушбу мониторинг ташрифлари жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилишига урғу берди.
Эркин мулоқот ва гуруҳларга бўлиниб ишлаш усулларини ўзида жамлаган мазкур тренингда зўравонлик ҳолатларини аниқлашдаги назорат механизмлари ва белгиланган кўрсатмалар юзасидан фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати