Аризада кўрсатилишича, И.С.нинг ўғли Э.О. 2019 йил 29 сентябрь куни Урганч-Хива йўлида ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасини ўзининг ҳаракатланиш бўлагида бошқариб келаётганида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган “Кобальт” русумли Х.Х. бошқарувида бўлган автомашина бошқарувни йўқотиб унинг ҳаракат бўлагига ўтиб, олдига чиқиб тўқнашув содир қилган, содир қилинган йўл-транспорт ҳодисасида ўғлининг айби бўлмасада уни ноҳақ айбдор қилганлар, ҳатто суднинг ҳукми чиқиб, жазо ҳам тайинланган.
Суд ҳукмидан норози бўлиб ёзилган шикоятларга асосан 2021 йил 4 июнь куни ҳақиқат қарор топиб, мурожаатчининг ўғли Э.О. Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми билан оқланган. Жиноят иши эса содир қилинган автоаварияда айбдор шахсни жавобгарликка тортиш учун вилоят прокурорига юборилган.
Мурожаатчи аризасида юқоридагиларга қарамасдан ҳозирги кунга қадар содир қилинган йўл транспорт ҳодисаси учун “Кобальт” русумли автомашина ҳайдовчисининг жавобгарликка тортиш масаласи ҳал қилинмаётганлиги баён қилиниб, шу масалада амалий ёрдам бериш сўралган эди.
Ариза Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили томонидан атрофлича ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Хоразм вилоят прокурорига юборилган.
Хоразм вилоят прокурорининг ўринбосарининг минтақавий вакилга берган маълумотига кўра, ҳозирда Урганч туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчисининг қарори бекор қилиниб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланиб юборилган.
Дастлабки тергов натижалари ва жиноят ишининг кейинги тақдири юзасидан қўшимча равишда матбуотда хабар қилинади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати