2020 йил 30 ноябрь куни Европа комиссияси Ўзбекистонга преференциялар бош тизими (GSP+) бўйича бенефициар мамлакат мақомини берган эди.
Қайд этиш лозимки, GSP+ халқаро қадриятлар ва тамойиллар, хусусан, инсон ва меҳнат ҳуқуқлари асосида ривожланаётган мамлакатларга камбағалликни қисқартириш ва иш ўринларини яратишга кўмаклашишни кўзда тутади. Хусусан, бундай тизимни ажратувчилар бўлиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо мамлакатлар, хусусан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Канада, Австралия, Швейцария каби давлатлар ҳисобланади.
GSP+ тизими тақдим этилиши учун бенефициар мамлакат инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, табиатни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарувга оид 27 та халқаро конвенцияларни ратификация қилиши зарур.
Демак, Ўзбекистоннинг GSP+ тизими бенефициари мақомига эга бўлишини, аввало, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро эътирофи сифатида қабул қилиш ўринлидир.
Ўзаро мулоқот давомида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб ўтилди. Мазкур тарихий ҳужжат доирасида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жазо турларини либераллаштириш, гендер тенглигини таъминлаш, қийноқларни олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш қолаверса, инсонпарварлик тамойили асосида йўлдан адашганларга яна бир имкон бериш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Шунингдек, ўтган йиллар давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг ҳуқуқий мақоми мунтазам такомиллашиб боргани, унинг фаолият қамрови ва ваколатлари кенгайгани, инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсманга берилган янги таъсирчан чоралар ҳақида ҳам тўхталинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати