Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Жиззахдаги минтақавий вакили: адвокатлар билан учрашув хонаси камерадан ҳоли бўлиши зарур
2022 йилнинг 14 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилоятидаги Минтақавий вакили Ўткир Жўраев томонидан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти учинчи минтақавий ҳудуд 29-сонли Манзил-колониясига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўллаш ҳолатларини олдини олиш мақсадида мониторинг ташрифи амалга оширилди.

29-сонли манзил-колонияси Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар “А саноат зонасида жойлашган. Колониянинг сиғими 400 нафар маҳкумга мўлжалланган. Ташриф кунида 429 нафар маҳкум жазо муддатини ўтаб келмоқда, шундан 401 нафари эркак, 28 нафари аёл маҳкумлардир.

Мониторинг давомида маҳкумларнинг 401 нафари ёки 93 фоиздан ортиғи ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилинган. Жумладан, 45 нафари колониядаги тикув цехида, 2 нафари нон цехида, 2 нафари Акфа цехида, 6 нафари темирчилик (WORKOUT) устахонасида, 4 нафари иссиқхона (гулчилик) да, 20 нафари колониянинг хўжалик (ободонлаштириш) ишларида, 322 нафари шартнома объектларида иш билан таъминланган.

29-сонли манзил-колониясида бемор маҳкумлар даволаниши учун амбулатория ташкил этилган бўлиб, бир нафар олий маълумотли врач ва бир нафар эркин ёлланган ҳамшира ишлайди. Амбулаторияда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун 23 турдаги барча дори-дармон ва тиббий воситалар мавжуд. Яроқлилик муддати ўтган тиббий буюмлар ёки дори-дармонлар аниқланмади.

Муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувлар учун колониядан алохида бинода 12 хонадан иборат ётоқхона мавжуд, шундан 11 та хона маҳкум оила аъзолар туриши учун, битта хона телевизор кўриш учун ажратилган. Ётоқхона ва ошхонада ҳам барча шароитлар мавжуд.

Маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувга келган оила аъзолари билан суҳбатлашилганда улар яратилган шароитлардан мамнун эканликларини ва эътирозлари йўқлигини билдиришди.

Муассаса маъмурияти маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувга келган оила аъзолари келишдан камида уч кун олдин телефон орқали огоҳлантиришларини, ётоқхонадан уч кишилик хонага 27 минг сўм, икки кишилик хонага 13 минг 500 сўм суткалик ҳақ тўлаш шарти билан фойдаланишликларини, хоналар етарли эканлигини маълум қилишди.

Манзил-колониядаги эркак ва аёл маҳкумлар учун ётоқхона бинолари алоҳида-алоҳида ташкил этилган ва хоналар кўздан кечирилганда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши ва хона ҳароратининг нормал даражада экани аниқланди.

Маҳкумлар ҳимоячиси билан алоҳида учрашиши учун муассаса ташқарисида хона ташкил этилган. Бироқ, мазкур хонада кузатув видеокамераси мавжуд. Ушбу ҳолатга колония мутасаддилари томонидан мазкур хонада бошқа колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг Жиззах вилоятида яшовчи оила аъзолари онлайн тарзда учрашув ўтказишда фойдаланилишини билдирилди.

Мониторинг давомида маҳкумларнинг адвокат билан учрашув хонаси видеокамерадан ҳоли бўлиши лозимлиги ва видеокамерадан ҳоли бўлган хона ажратиш юзасидан тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Ахборот хизмати