Тадбирда Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолият юритувчи давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этишди.
Мазкур минтақавий конференцияни ўтказишдан асосий мақсад пандемия шароитида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи давлат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари фаолияти юзасидан ўзаро тажриба алмашиш билан бирга вазиятни янада яхшилаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик, Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқовлар иштирок этишди.
Минтақавий мулоқотда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дастлаб пандемия муносабати билан Ўзбекистонда қабул қилинган қарор ва фармонлар, аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган тартиб ва имтиёзлар, каронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларга тўхталди.
Шунингдек, пандемия шароитида Омбудсман институти томонидан мурожаатлар билан ишлаш, жумладан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириш орқали пенитенциар муассааларда сақланаётган маҳкум ва маҳбуслар ҳуқуқларининг таъминланиши борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Минтақавий конференция якунлари бўйича шўбаларга бўлинган ҳолда муҳокамалар уюштирилди ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати