Умумий мажлиснинг мақсади – иштирокчиларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиши, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ва сифатини тарғиб қилиш, халқаро стандартлар ва нормаларни қўллаш амалиёти билан танишишдир.
Шунингдек, умумий мажлис жараёнида Европа Омбудсман Институти президенти ва Бош котибининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқиш ҳамда ташкилот бошқаруви аъзоларини сайлаш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: Европа Омбудсман Институти (ЕОИ) ноҳукумат илмий ташкилот бўлиб, ўз олдига Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти, шунингдек омбудсман ғояси тарқалиши ва ривожланишига кўмаклашиш, омбудсманнинг миллий ва халқаро муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳамкорлиги билан боғлиқ илмий тадқиқотлар олиб бориш каби мақсадларни қўйган.
ЕОИ Австриянинг Инсбрук шаҳрида жойлашган бўлиб, 1988 йилда ташкил топган. Бугунги кунда Европа омбудсмани институти Ғарбий ва Шарқий Европадаги барча омбудсман институтлари билан алоқаларга эга. ЕОИнинг 89 аъзоси, шу жумладан 49 та институционал ва 40 та якка тартибдаги аъзоси (университетларнинг 12 нафар профессори) мавжуд.
2002 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мазкур ташкилотга аъзо бўлган.
Шу давр мабойнида, Европа давлатлари омбудсманлари ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) ўртасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик қилиш борасида 10 га яқин меморандумлар имзоланди.
Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017 йилда тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ЕОИ бош котиби Йозеф Сигеле ўзининг экспертлик хулосасини тақдим этган. У мазкур қонунни “Ўзбекистон Республикасининг истиқболли ва узоқни кўзланган қарори” сифатида баҳолаган.
Бир сўз билан айтганда, ЕОИ турли маълумотлар ҳамда ҳисоботлар ва махсус маърузаларни ўз аъзоларига тарқатадиган платформа ҳисобланади.
Мазкур институт омбудсман фаолияти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларини ўрганишда, омбудсман ғояларини оммалаштиришда, омбудсманларнинг миллий, минтақавий ва халқаро муассасалари билан ҳамкорлик қилишида муҳим ўрин тутади.
Сербияга хизмат ташрифи давомида Ўзбекистон, Италия, Германия, Португалия, Болгария, Нидерландия, Сербия, Қирғизистон, Венгрия ва Россия Федерацияси Омбудсманлари инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашишди. Венгрия Омбудсмани эса Ўзбекистон Омбудсмани билан мустаҳкам алоқани ўрнатиш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш таклифини билдирди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати