Онлайн учрашувда Омбудсман Феруза Эшматова мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгилангани, фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилишда қатор қулайликлар яратилгани ва ўтган йиллар мобайнида ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўргангани, жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилганини қайд этди.
Омбудсман номига келиб тушаётган мурожаатлар, жумладан хотин-қизлар томонидан йўлланаётган аризалар доим таҳлил қилиниб, аҳолини қийнаётган масалалар ҳақидаги таҳлилий маълумотлар ва Вакилнинг тегишли тавсиялари доимий равишда парламент ва тегишли давлат идораларига тақдим этиб борилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига йўлланган мурожаатлар таҳлили, 2021 йилнинг 15 апрелига қадар фуқаролар томонидан 4000 дан ортиқ мурожаат келиб тушганини кўрсатмоқда.
Ҳозирда ушбу мурожаатлар билан ишлаш уларни ўз вақтида ҳал этиш тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ишланмоқда.
Шунингдек, виртуал мулоқотда Омбудсман фаолиятига ҳудудларда тегишли давлат органлари масъуллари билан биргаликда сайёр қабуллар ўтказиш амалиёти жорий қилингани ва ушбу қабуллар доирасида оғир тушмуш шароитида яшаётган оилалар ҳонадонларига ташриф буюрилиб, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилаётгани қайд этилди.
Мулоқот давомида пандемия шароитида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, барча туман ва шаҳарларда, ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилалар, аёллар ва ёшлар билан манзилли ишлаш бўйича мутлақо янги – “темир дафтар” тизими жорий этилди ҳамда хотин-қизларни қийнаётган кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида “Аёллар дафтари” шакллантирилди.
Ўзаро мулоқот давомида Феруза Эшматова мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш Омбудсман фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири эканлигини қайд этди. Шунингдек, айнан пандемия даврида бутун дунёда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуларининг бузилиши, сабабсиз ишдан бўшатиш, иш берувчи томонидан тегишли меҳнат шароитларининг яратиб бермаслик, ноқонуний қисқартириш каби ҳолатлар кўпайганига эътибор қаратди.
"Шу нуқтаи назардан меҳнат қонунчилигини қайта кўриб чиқиш орқали хотин-қизларга масофадан туриб ишлаш, иш графигини мослаштириш каби нормаларга аниқлик киритиш ва ушбу нормаларга амал қилиниши бўйича ишлаш зарур. Бу борада қатор лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишимиз мумкин.", - деди Омбудсман.
Конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда томонлар янги лойиҳалар хусусида фикр алмашишди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати