I. Умумий қоидалар
1. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девонига ишга қабул қилиш Омбудсманнинг 2025 йил 14 январдаги №7–К-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Омбудсман Девонига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ қабул қилинади.
2. Ишга қабул қилиш жараёни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунига, шунингдек халқаро меҳнат стандартлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича умумэътироф этилган тамойилларга асосланади.
3. Омбудсман Девонига ишга қабул қилишда танлов ўтказилади. Танлов жараёни қонунийлик, шаффофлик, холислик, имкониятлар ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб амалга оширилади.
4. Омбудсман Девонига номзодларни танлаб олиш жараёнида қуйидагиларга устувор аҳамият берилади:
o инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва касбий компетенциялар;
o ахлоқий қадриятлар, масъулият, очиқ мулоқотга тайёрлик;
o фуқароларга хизмат қилиш маданияти ва Омбудсман Девони ходими этикаси;
o гендер тенглиги ва инклюзив иш муҳитига ҳурмат.
II. Бўш иш ўринларини эълон қилиш тартиби
5. Агар Омбудсман Девонида бўш иш ўрни мавжуд бўлса, у ҳақдаги маълумотлар:
- mehnat.uz ягона миллий вакансиялар порталининг махсус бўлимида;
- зарурат туғилганда, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ ва ошкора тарзда жойлаштирилади.
6. Эълон камида 15 календарь куни давомида фаол бўлади ва қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
- лавозим номи ва бўлими;
- лавозимнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналиши;
- талаб қилинадиган маълумот ва иш тажрибаси;
- компьютер саводхонлиги ва хорижий тил даражаси;
- танлов босқичлари ва баҳолаш мезонлари;
- ҳужжатлар қабул қилиш усули, муддати ва масъул шахснинг алоқа маълумотлари;
- номзодлар учун тенг имкониятлар кафолати ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги изоҳ.
7. Эълоннинг мақсади — кадрларни танлаш жараёнида ошкора, тенг ва инклюзив шароит яратиш, шунингдек инсон ҳуқуқларига содиқ, компетент ва ҳалол мутахассисларни жалб этишдир.
8. Ногиронлиги бўлган шахслар, ёш мутахассислар, аёллар ва кам таъминланган қатлам вакиллари учун адолатли имконият яратиш давлат хизматининг муҳим вазифаси ҳисобланади.
III. Танлов тартиби ва баҳолаш босқичлари
9. Танлов жараёни Низом талабларига мувофиқ қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1-босқич — ҳужжатларни қабул қилиш ва дастлабки саралаш.
Номзоднинг маълумоти, иш тажрибаси ва лавозим талабларига мослиги ўрганилади.Ҳужжатлар электрон ёки қоғоз шаклда қабул қилиниши мумкин, қабул қилингани ҳақида автоматик тасдиқнома юборилади.
2-босқич — тест синови.
Номзодлар меъёрий-ҳуқуқий билимлар, инсон ҳуқуқлари бўйича умумий саводхонлик, танқидий фикрлаш ва ахлоқий қарор қабул қилиш қобилияти бўйича синовдан ўтадилар.
3-босқич — суҳбат (интервью).
Суҳбатда номзоднинг шахсий сифатлари, хизмат маданияти, ахлоқий тамойилларга риоя қилиш, жамоада ишлаш қобилияти ва фуқаролар билан мулоқотда самимийлик даражаси баҳоланади.
Баҳолаш махсус балл тизими асосида амалга оширилади.
4-босқич — якуний суҳбат.
Омбудсман номзодлар бўйича якуний қарор қабул қилади. Қарор асосланган ҳолда қабул қилинади ва номзодга натижалар ҳақида хабардор қилиш мажбурийдир.
10. Агар бир нечта номзод тенг балл тўпласа, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалий тажрибага эга бўлган ёки “Омбудсман клуби” аъзоларига устуворлик берилади.
11. Танлов натижалари Омбудсман Девонининг расмий ахборот каналларида эълон қилинади ва натижалар бўйича шаффоф ҳисобот юритилади.
IV. Омбудсман клуби орқали кадрлар тайёрлаш механизми
12. Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университети томонидан 2021 йил 11 июнь куни имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида “Омбудсман клуби” фаолият юритади.
13. “Омбудсман клуби” аъзолари Омбудсман Девони мутахассисларига бириктирилади ва қуйидаги фаолиятларда иштирок этадилар:
· фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва таҳлил этиш;
· Омбудсманнинг қабулларида иштирок этиш;
· инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий таҳлиллар ва маълумотлар базасини яратиш ишларига кўмаклашиш.
15.Клуб аъзолари ҳам бошқа номзодлар каби mehnat.uz орқали эълон қилинган вакансияларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, танлов босқичларидан муваффақиятли ўтган тақдирда Омбудсман Девонига ишга қабул қилиниши мумкин.
V. Якуний қоидалар
16. Танлов жараёнида барча номзодлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланади. Жинс, ирқ, ёш, дин, сиёсий қараш, ижтимоий ҳолат ёки жисмоний имконият даражасига кўра камситишга йўл қўйилмайди.
17. Танлов натижалари, баҳолаш мезонлари ва асосий қарорлар ошкоралик тамойилига мувофиқ расмий ахборот каналларида эълон қилинади.
18. Танлов натижалари бўйича рози бўлмаган номзодлар белгиланган тартибда ёзма шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
19. Низомда назарда тутилмаган ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари нормалари қўлланилади.






