Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланди
Жорий йилнинг 6 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Пробация хизмати фаолиятида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда ўзаро ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни ташкил этишдан мақсад - Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича вазирликлар ҳамда идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги вазифалари ва уларни бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиш орқали, пробация хизмати самарадорлигини ошириш, жумладан инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Пробация хизматининг асосий вазифаси бу-жиноят кўчасига кириб қолган шахсни тарбиялаш, уни жамиятга, ижтимоий ҳаётга мослаштиришдан иборат. 

Маълумотларга кўра, 2020 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда назорат остидаги шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида 655 маротаба “Ишга марҳамат” тадбирлари ташкил этилиб, 6000 нафардан ортиқ назоратдагиларга ишга йўлланмалар берилган бўлса, уларнинг 4900 га яқини иш билан таъминланган. 

Муайян касбга эга бўлмаган 2400 нафардан ортиқ назорат остидагилардан 2 мингга яқини касбга йўналтириш бўйича ўқишга юборилган бўлса, қолган назоратдагилар касбга ўқитилган. Жумладан, ҳайдовчиликка, қурилиш соҳасига, маиший хизмат кўрсатиш соҳасига, ободонлаштириш ва ҳоказо.

Бундан ташқари, пробация бўлинмалари назорати остида турган шахслар орасида тадбиркорлик ёки муайян фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳатлар берилиб, уларга истеъмол кредитлари ажратилишида ҳар томонлама кўмак берилмоқда.

Амалга оширилган қатор ижобий ишларга қарамасдан, афсуски, ўтган 2020 йил давомида назорат остидаги шахслар орасида тайинланган жазони ўташдан қасдан бўйин товлаб, қонунларимизга итоаткорона муносабатда бўлмаган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатларини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш каби ҳолатлар ҳам учрамоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тадбир иштирокчилари Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Шунингдек, давра суҳбати доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати