Шу шароитда Ўзбекистоннинг уларга маънавий ва моддий қўллаб-қувватлов кўрсатиши — нафақат дипломатик ёки гуманитар қадам, балки инсон ҳуқуқларини амалий таъминлаш йўлидаги катта сиёсий иродадир.
2023 йилда юртимиз Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратган эди. Энди эса мамлакатимиз инсонпарварлик қадамларини янги босқичга олиб чиқиб, фаластинлик фуқароларни ўз юртига олиб келиб, улар учун уй-жой, ижтимоий нафақа, таълим ва тиббий хизмат каби барқарор ҳаётни таъминлайдиган шарт-шароит яратмоқда.
Президентимиз томонидан имзоланган Фармонга мувофиқ, фаластинлик фуқаролар вақтинча яшаш жойлари, тиббий кўрик ва зарур дори-дармонлар билан таъминланди.
Шунингдек, уларнинг соғлиғини қўллаб-қувватлаш, кекса ёшидаги шахсларга нафақа тайинлаш, уй-жой ижара харажатларини қоплаш, бир марталик моддий ёрдам бериш, фарзанд туғилганда ва дафн учун нафақа тўлаш каби механизмлар ишга туширилади. Меҳнатга лаёқатли шахслар касб-ҳунарга ўқитилиб, тадбиркорлик дастурларига жалб қилинади.
Фармоннинг муҳим жиҳатлардан яна бири — ногиронликка олиб келувчи оғир касалликка чалинган меҳмонларга даволаниш муддатидан қатъи назар ногиронлик белгилаш тўғрисидаги нормадир. Одатда ногиронлик расмийлаштирилиши маълум даволаниш жараёнидан кейин амалга оширилади. Бу эса вақт талаб қилади. Аммо оғир аҳволдаги меҳмонлар бир кун ҳам ижтимоий ҳимоядан маҳрум қолмаслиги учун юртбошимиз ташаббуси билан уларга ногиронликни дарҳол белгилаш имконияти яратилди.
Бошқа давлатларда қочоқлар кўпинча фақат хайрия ёки қисқа муддатли ёрдамга қараб қолади. Ўзбекистон танлаган йўл эса янада инсоний. Фармонга кўра, ҳар бир меҳнатга лаёқатли меҳмон учун ҳар ой минимал истеъмол харажатлари миқдорида яшаш нафақаси жорий этилиши эса уларнинг кундалик эҳтиёжлари давлат томонидан кафолатланишини англатади. Бу нафақа қисқа муддатли хайрия ёрдами эмас, балки уларнинг барқарор иқтисодий таянчга эга бўлиб, жамиятга мослашувига кўмаклашадиган механизмдир.
Ушбу комплекс чоралар нафақат бошпана, балки уларга ҳаётларини янги саҳифадан бошлаш ва оёққа туришларига, тинчлик ва хавфсизлик неъматидан баҳраманд бўлишларига замин яратади. Бу нафақат давлат раҳбарининг инсонийлик ва адолатга садоқатини, балки бутун халқимизнинг юксак маънавий маданиятини кўрсатади.
Феруза ЭШМАТОВА,
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)