Омбудсманга ушбу ҳудуддан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида аҳоли учун долзарб бўлган масалалар белгилаб олинди ва уларни муҳокама қилиш учун масъул идоралар вакиллари очиқ мулоқотга таклиф этилди.
Тадбирда Омбудсманнинг ўринбосари, Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили, сенатор, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Ховос тумани ҳокими ва вилоятдаги тегишли давлат ташкилотлари масъуллари иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликни таъминлаш, фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали камбағалликни қисқартириш ҳамда фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчиларга ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Тадбирнинг кейинги қисмида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга масъуллар томонидан жавоблар берилди.
Тадбирдан сўнг фуқаролар қабули ҳам ташкил этилиб, аҳоли мурожаатлари қабул қилинди ва ўрганиш талаб этиладиган ҳолатлар назоратга олинди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларнинг мурожаатлари билан ишлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






