Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий хабардорлиги оширилмоқда
Ўқувчиларга ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўргатиш, қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда уларга риоя қилишнинг аҳамияти ҳақида билим бериш ва уларни кундалик ҳаётда қўллай олишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.

Мамлакатимизнинг бир қатор умумтаълим муассасаларида “Омбудсман соати” дарслари ташкил этилиб, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда.

 Навбатдаги “Омбудсман соати” машғулотлари Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навои, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) вилоятлардаги минтақавий вакиллари томонидан ўтказилди. Уларда 1100 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

Машғулотлар, хусусан, Бухоро вилояти Олот туманидаги 28-сонли, Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманидаги 46, 47 ва 53-сонли, Навои вилояти Конимех туманидаги 2, 7, 9 ва 31-сонли, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги 32 ва 48-сонли, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 21-сонли, Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 20-сонли ва Ширин шаҳридаги 1-сонли, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 56-сонли, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги 3, 5 ва 9-сонли ҳамда Бўстонлиқ туманидаги 29, 33, 34 ва 53-сонли, Фарғона вилояти Риштон туманидаги 1 ва 20-сонли, Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги 20-сонли ва Шовот туманидаги 17-сонли, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги 1 ва 2-сонли ҳамда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 13-сонли умумтаълим мактабларида ташкил этилди.

Машғулотлар интерактив усулларда — видеодарслар, ўқувчилар билан очиқ мулоқот ва ҳаётий мисоллар асосида ўтказилди.

Машғулотлар давомида ўқувчиларга инсоннинг қадр-қиммати, шахсий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқларга риоя этилиши ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтиришлар берилди.

 Шунингдек, маърузачилар ҳуқуқлар бузилган тақдирда қайси давлат ташкилотларига мурожаат қилиш мумкинлиги, Омбудсман турли вазиятларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қандай ёрдам бериши мумкинлиги, интернет ижтимоий тармоқларидан фойдаланишда бошқа шахсларнинг хуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида ўқувчиларга видеороликлар асосида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, талаба-ёшлар кибержиноятлардан, яъни  компьютер, телефон, интернет ёки бошқа рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этиладиган жиноий хатти-ҳаракатлардан огоҳ бўлишлари ҳамда турли салбий таъсирларга тушиб қолмасликлари бўйича ҳаётий мисоллар асосида тушунчаларга эга бўлдилар.

Ўқувчи ёшлар мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар  ҳамда ўз фикр-мулоҳазалари билан алмашдилар.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати