Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Тенглик ва ҳурмат” платформаси: Хоразмда зўравонлик содир этган ва бунга мойил шахслар билан ишлашга эътибор қаратилди
Урганч шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан йўлга қўйилган “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил шахслар иштирокида тарбиявий-психологик тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ички ишлар бошқармаси, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармаси вакиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга оилавий (маиший) зўравонлик учун белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарлик, ҳимоя ордери талаблари, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқлари ва ҳимоя чоралари тушунтирилди.

Шу билан бирга, оилавий низоларни зўравонликсиз ҳал этиш, ўзаро ҳурмат ва масъулият, ҳиссиётларни бошқариш ҳамда соғлом мулоқот маданиятини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир зўравонликнинг олдини олишда нафақат жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш, балки зўравонлик содир этган ёки бундай хатти-ҳаракатга мойил шахсларнинг хулқ-атворини ўзгартириш бўйича ҳам манзилли ишлашга қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати