Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навоий вилоятида одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари муҳокама қилинди
2026 йилнинг 26 октябрь куни Навоий вилоятида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиянинг 2026 йилнинг 9 ойи давомидаги фаолияти якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия аъзоси — Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, ҳудудий комиссия аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, хавфсиз меҳнат миграциясини тарғиб қилиш, шунингдек, одам савдосидан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Масъул ташкилотларнинг ҳисоботлари тингланиб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йилнинг 3 август куни қабул қилинган «Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  Президент Фармони билан жабрланган шахсларни эрта аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ва зарур ижтимоий хизматларга йўналтириш бўйича янги механизмлар белгиланганига эътибор қаратилди.

Тақдим этилган ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг 9 ойи давомида Навоий вилоятида одам савдосидан жабрланган 8 нафар шахс қайд этилган. Уларнинг барчаси аёллар бўлиб, 2 нафари вояга етмаганлардир. Жабрланганларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилган, 3 нафари реабилитация марказига жойлаштирилган ва 1 нафари иш билан таъминланган.

Йиғилишда аҳолини одам савдосининг замонавий шаклларидан, хусусан, ижтимоий тармоқлар ва интернет платформалари орқали тарқатилаётган сохта иш таклифлари, хорижда юқори даромадли иш билан таъминлаш баҳонасидаги алдов ҳолатларидан огоҳлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати