Учрашувда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, омбудсман институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида томонлар ўртасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда самарали бошқарувни ривожлантириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат омбудсман институтлари ўртасида тажриба ва ахборот алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
Меморандум доирасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликни амалга оширишга оид ахборот-таҳлилий материаллар билан алмашиш, қўшма семинарлар ва тадбирлар ташкил этиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий омбудсман ташкилотлари доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар ва илғор амалиётларни ўрганиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, мазкур меморандум Ўзбекистон ва Таиланд омбудсман институтлари ўртасидаги институционал алоқаларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантиришга хизмат қилади.






