Тадбир ЕХҲТнинг жойлардаги миссиялари, Низоларнинг олдини олиш маркази ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамкорлигида ташкил этилди. Давра суҳбатида Шимолий Македония Омбудсмани, ЕХҲТнинг Босния ва Герцеговинадаги миссияси ҳамда Бишкекдаги Дастурий офиси вакиллари ҳам қатнашди.
Омбудсман ўз нутқида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка киритилган ўзгартишлар ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги давлатнинг позициясига алоҳида тўхталиб ўтди. Омбудсман институти фаолиятининг такомиллаштирилгани, шунингдек, қийноқларнинг олдини олишга қаратилган Миллий превентив механизм жорий этилгани батафсил очиб берилди.
Шунингдек, Ф.Эшматова ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан кўп йиллик ҳамкорлик тажрибасига ҳам тўхталиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш ва Омбудсман институти ходимлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари салоҳиятини ошириш борасида биргаликда амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, тенглик ва инклюзивликни таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба алмашиш масалаларига ҳам эътибор қаратди.
Давра суҳбати инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва ЕХҲТ тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий тажрибасини муҳокама қилишга бағишланди. Иштирокчилар камситишнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий институтларнинг мустақиллиги ва фаолияти самарадорлигини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Маълумот учун: Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) 1973 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилот Европа, Осиё ва Шимолий Америкадаги 57 та иштирокчи давлатни бирлаштиради. Унинг асосий мақсади — тинчлик, барқарорлик ва демократияни мустаҳкамлаш. Фаолияти низоларнинг олдини олиш, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашиш, демократик институтларни қўллаб-қувватлаш ҳамда камситишга қарши курашишни қамраб олади.
ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) эса 1991 йилда ташкил этилган Унинг асосий фаолияти сайловларни кузатиш, қонунчиликни таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида экспертлик ёрдамини кўрсатиш ҳамда бағрикенглик ва камситмаслик тамойилларини илгари суришни қамраб олади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






