Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Очиқ мулоқот: Омбудсманга Андижондан қандай масалаларда мурожаатлар юборилган?
2026 йил 9 октябрь куни Андижон вилояти Пахтаобод туманида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Пахтаобод туманидаги “Қашқар”, “Машъал”, “Санграобод”, “Наврўз” ва “Қорашоҳ” маҳаллаларидан 120 нафарга яқин фуқаролар иштирок этишди.

Очиқ мулоқотга Омбудсманга ушбу ҳудуддан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида аҳоли учун долзарб бўлган масалалар бўйича масъул идоралар вакиллари жалб этилди.

Унда Омбудсманнинг ўринбосари, Андижон вилоятидаги минтақавий вакили, Омбудсман Девони ходимлари иштирок этишди. Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган долзарб масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, очиқ мулоқот давомида аҳолига тиббий ёрдам ва хизмат кўрсатиш тартиби, тиббий суғуртанинг моҳияти ва ундан фойдаланиш йўллари, давлат пенсия таъминотига оид қонунчиликдаги янгиликлар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш ҳамда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришнинг янги ҳуқуқий механизмлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбирдан сўнг фуқаролар қабули ҳам ўтказилиб, аҳоли мурожаатлари тингланди ва ўрганиш талаб этиладиган ҳолатлар  назоратга олинди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни жойида ўрганиш ҳамда масъул идоралар билан ҳамкорликда уларга манзилли ёндашишга хизмат қилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати