Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 5–15 октябрь кунлари Варшава шаҳрида ўтказилаётган “Инсон ўлчови бўйича Варшава конференцияси” доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) директорининг биринчи ўринбосари Теа Жалиашвили, Инсон ҳуқуқлари департаменти раҳбари Сьюзан Керр ҳамда Инсон хукуклари департаменти катта маслахатчиси Йоханнес Хайлер билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Омбудсман институтининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

Мулоқотда Омбудсман институти фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган маърифий ташаббусларни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашув якунида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор амалиётларни ўрганиш ва ҳамкорликдаги ташаббусларни амалга оширишни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати