Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Тенглик ва ҳурмат” платформаси: Фарғонада зўравонлик содир этган шахслар билан индивидуал иш олиб борилди
2026 йил 16 сентябрь куни Фарғона вилоятида “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида ўтказилган навбатдаги тадбир зўравонлик содир этган шахслар билан ишлашга қаратилди. Вилоят ИИБ ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувга пробация ҳисобида турган, зўравонлик содир этган 25 нафар шахс жалб этилди.

Учрашувда Омбудсманнинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакиллиги ходимлари иштирок этди.

Мулоқот давомида иштирокчиларга оилавий низоларни зўравонликсиз ҳал этиш, ўзаро ҳурмат ва мулоқот маданияти, оила олдидаги масъулият, шунингдек зўравонликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Айниқса, ҳар бир иштирокчи билан индивидуал суҳбат ўтказилиб, уларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Суҳбатларда оиладаги низоларнинг сабаблари, ғазаб ва ҳиссиётларни бошқариш, турмуш ўртоғи ва фарзандлар билан муносабатларни соғлом асосда қуриш масалалари муҳокама қилинди.

“Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида зўравонликнинг олдини олишда жабрланган аёлларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, зўравонлик содир этган шахслар билан ҳам индивидуал ишлаш йўналишига эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати