Хусусан, муассаса камералари шароити белгиланган стандартларга мувофиқлиги, ундаги жиҳозлар, ётоқ жойлари, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш тартиби, зарур дори воситалари билан таъминланганлик ва ювиниш шароитлари санитария-гигиена талабларига мослигига эътибор қаратилди. ВСҲда адвокат билан учрашиш ва мурожаат қилиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Мониторинг доирасида ушбу муассаларда ушлаб турилган шахслар билан жамоавий ҳамда холи суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
ВСҲ биноси 2022 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 51 нафар шахсни сақлашга мўлжалланган. Мониторинг ўтказилган куни муассасада 38 нафар шахс сақланаётгани маълум бўлди.
Муассасада сақланаётган шахсларнинг суд мажлисларида масофадан иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилган. Шу билан бирга, тергов хонаси видеокузатув камераси билан жиҳозланмагани аниқланди. Мазкур камчилик тезкорлик билан бартараф этилди.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида эса беморларнинг яшаш ва овқатланиш шароитларида қатор камчиликлар қайд этилди. Филиал маъмурияти мазкур объектни Тошкент вилояти Нурафшон шахрига кўчириш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
Ангрен шаҳридаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти эса эски бинода жойлашгани ва хоналар таъмирталаб ҳолатда экани аниқланди.
Мониторинг якунларига кўра тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши маълум қилинади.
Маълумот учун: 2026 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклида жами 23 та таъсир чораси киритилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






