Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: Тошкентда халқаро конференция ўтказилди
2026 йилнинг 20 август куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан “Рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқлари: замонавий ёндашувлар” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Тадбир БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда Конрад Аденауэр жамғармаси ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур халқаро анжуман рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш, илғор хорижий тажрибалар билан алмашиш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.

Бугун рақамли технологиялар инсоннинг таълим олиши, меҳнат қилиши, давлат хизматларидан фойдаланиши, ахборот олиши ва жамият ҳаётида иштирок этиши учун янги имкониятлар очмоқда. Айни пайтда шахсий маълумотлар дахлсизлиги, кибербуллинг, онлайн зўравонлик ва камситиш, зарарли контент, рақамли хизматлардан тенг фойдаланиш каби масалалар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги ва долзарб йўналишларига айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, конференцияда рақамли тараққиёт инсон манфаатларига хизмат қилиши, янги технологиялар жорий этилиши жараёнида инсон ҳуқуқлари ва қадр-қиммати устувор бўлиб қолиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда 25 дан ортиқ давлатдан Омбудсманлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилот вакиллари, экспертлар иштирок этди. Жумладан, Греция, Грузия, Испания, Италия, Қатар, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Россия, Словакия, Таиланд, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Уммон, Ҳиндистон ва Швейцария вакиллари конференция муҳокамаларида қатнашди. Шунингдек, тадбирда Парламент аъзолари, қатор давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, олимлар, фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, ҳамда ОАВ вакиллари қатнашишди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ўз кириш сўзида рақамли трансформация инсон ҳуқуқларини таъминлашда янги имкониятлар билан бирга янги масъулиятларни ҳам юзага келтираётганини таъкидлади.

“Рақамли трансформация биз учун фақат технологик янгиланиш эмас, балки инсон қадрини замонавий шароитларда ҳам таъминлаш масъулиятидир. Бугун инсоннинг ҳуқуқлари, шаъни, шахсий маълумотлари ва хавфсизлиги фақат реал ҳаётда эмас, балки онлайн маконда ҳам ишончли ҳимоя қилиниши керак”, — деди Ф. Эшматова.

Халқаро конференцияни очиб берган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман институтининг аҳамиятига алоҳида тўхталишди.

Халқаро конференция иши рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини таъминлашда алоҳида эътибор талаб этаётган учта йўналиш бўйича тематик сессияларда давом этди.

Халқаро конференция ўз ишини 3 та тематик сессияда давом эттирди.

Сессиялар давомида муҳокама қилинган масалалар:

  • рақамли дунёда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, уларни онлайн зўравонлик, кибертаҳдидлар ва рақамли камситишдан ҳимоя қилиш;
  • рақамли трансформация шароитида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интернет хавфсизлиги, кибербуллингнинг олдини олиш ва шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив рақамли хизматларни ривожлантириш, ахборот ва электрон давлат хизматларидан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш.

Муҳокамалар давомида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишда инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни мустаҳкамлаш, технологик тараққиёт натижасида аҳолининг айрим қатламлари янги имкониятлардан четда қолиб кетмаслиги, рақамли инклюзияни таъминлаш ва миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтларининг бу жараёндаги ролини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Конференция доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг миллий ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Қатар Миллий инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳамда Малайзия Инсон ҳуқуқлари комиссияси ва бошқа тузилмалар билан ҳам ўзаро ҳамкорлик тўғрисида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Анжуман якунида рақамли трансформация шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рақамли инклюзияни ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш ҳамда рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича иштирокчиларнинг умумий ёндашувларини акс эттирувчи Тошкент декларацияси қабул қилинди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати