Хабар эълон қилиниши билан ҳолат Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили ҳамда вилоят хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларни жалб қилган ҳолда жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Улар жабрланган фуқаро К.Х. даволанаётган шифохонага бориб, унинг аҳволи ва воқеа тафсилотлари билан танишди.
Ўрганиш давомида К.Х. турмуш ўртоғи билан жорий йилнинг февраль ойидан буён бирга яшамаслиги, уч нафар фарзанди билан ижара уйида истиқомат қилиб келаётгани маълум бўлди.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи аёл уйда бўлмаган вақтда фарзандларини алдаб хонадонга кирган. Аёл уйга қайтиб келгач, уни ҳушидан кетгунича дўппослаган ва хонадонни тарк этган. Шунингдек, жабрланувчининг тилла буюмлари, 5 млн сўм пул маблағи ҳамда қизларининг телефон аппаратларини олиб кетган.
Шунингдек, жабрланувчи ижара уйига ўрнатилган “ташвиш тугмаси” унинг турмуш ўртоғи томонидан электр тармоғидан узиб қўйгани сабабли тезкор ёрдам чақира олмаганлигини билдирди.
Ҳозирда К.Х. реанимация бўлимида алоҳида хонада шифокорлар назоратида даволанмоқда. У тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган бўлиб, суяк синиши ҳолатлари аниқланмаган.
Тўпланган маълумотларга кўра, мазкур оиладаги келишмовчиликлар аввал ҳам тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилган, 2026 йил 14 июнь куни аёл К.Х.га ҳимоя ордери берилган. Шунингдек, 26 июль куни унга тан жароҳати етказган турмуш ўртоғига суд томонидан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бироқ у тўғри хулоса чиқармасдан, 1 август куни аёлнинг ижара уйига келиб, унга нисбатан яна зўравонлик қўллаган. Айни пайтда зўравон эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Жабрланган аёлнинг хавфсизлигини таъминлаш, унга зарур ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалалар Омбудсман ҳамда ҳамкор ташкилотлар назоратига олинди.
Омбудсман ўз ваколати доирасида ҳолат бўйича кузатувини давом эттиради.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






