Бектемир туманидаги ҳолат ўрганилмоқда
ББС мурожаати ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоматериаллар Омбудсман томонидан ўрганилмоқда. Ички ишлар органлари маълумотига кўра, дўкон масъуллари пиёдалар йўлидаги қурилиш материалларини олиб ташлаш бўйича бир неча марта огоҳлантирилган, бироқ талаблар бажарилмаган ва икки нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган. Мурожаатда эса уларни ИИБ биносига олиб бориш жараёнида ортиқча куч ишлатилгани билдирилган. Ички ишлар органлари мазкур важни рад этиб, ходимлар ўз ваколатлари доирасида ҳаракат қилганини маълум қилган.
Айни пайтда, фуқароларни олиб бориш жараёнида жисмоний куч қўлланган-қўлланмагани, ходимлар ҳаракатларининг қонунийлиги ва вазиятга мутаносиблигини холис ўрганиш мақсадида Омбудсман томонидан Бош прокуратурага талабнома киритилди. Тақдим этиладиган материаллар асосида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати