Тадбирларда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, шунингдек Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолларининг олдини олиш бўйича фаолияти ҳақида қонунчилик асосида тушунтиришлар берилди.
Мулоқотлар давомида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳар бир мансабдор шахснинг бевосита масъулияти экани, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш, уларга нисбатан ҳар қандай руҳий, маънавий ёки жисмоний босимга йўл қўймаслик қонун талаби экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мамлакатимизда инсон қадри олий қадрият сифатида эътироф этилгани ва мазкур тамойил ёпиқ муассасалар фаолиятида ҳам қатъий таъминланиши лозимлиги қайд этилди.
Тадбирларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.
Шунингдек, Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳридаги ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган “Ғамхўрлик” марказида ҳам тадбир ташкил этилди. Унда муассаса ижтимоий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга оид фармонининг мазмун-моҳияти тушунтирилди ҳамда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






