Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва Қонунчилик палатаси депутатлари Тошкентдаги қатор ёпиқ муассасаларда мониторинг ўтказди
2026 йилнинг 16 июль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси депутатлари томонидан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона ҳамда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг давомида муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш шароитлари, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари, санитария-гигиена ҳолати ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ бошқа масалалар ўрганилди. Шунингдек, сақланаётган шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди.

Махсус қабулхонада овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатилиши юзасидан эътирозлар билдирилмаган бўлса-да, камералардаги яшаш шароитларига оид айрим камчиликлар қайд этилди.

Мониторингда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмаган фуқаролар сутканинг исталган вақтида қабул қилиниши инобатга олиниб, тиббий хизматнинг узлуксизлигини таъминлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, марказда тиббиёт ходими иш вақтидан ташқари даврда зарур ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизмати чақирилиши маълум бўлди. Ушбу йўналишда тиббий хизматни янада самарали ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Мониторинг якунлари бўйича аниқланган ҳолатлар асосида Омбудсман томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши маълум қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати