Бундай учрашувлардан кўзланган асосий мақсад хорижда бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини ўрганиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш ҳамда зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишига кўмаклашишдан иборат.
Жорий йилнинг 15 май куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари Омбудсман ташаббуси билан Минск шаҳридаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашув ўтказган эди.
Учрашув давомида муассасада сақланаётган Ўзбекистон фуқароси ҳомиладор экани, тергов ҳибсхонаси шароитида фарзанди дунёга келганидан сўнг уни зарур даражада парваришлаш имконияти чекланганини билдириб, боланинг Ўзбекистондаги яқин қариндошлари қарамоғида бўлишини исташини маълум қилди. Шу муносабат билан у фарзанди туғилганидан кейин уни белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтариш ва яқин қариндошлари қарамоғига топшириш масаласида амалий ёрдам сўради.
Мурожаат назоратга олиниб, фарзанд туғилганидан сўнг тегишли давлат органлари ва Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси ҳамкорлигида зарур ҳуқуқий ҳамда консуллик тартиб-таомиллари амалга оширилди.
Натижада чақалоқнинг Ўзбекистонга қайтарилиши учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Жорий йил июль ойида чақалоқ яқин қариндошлари қарамоғига топширилиб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Мазкур ҳолат фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси бўлди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






