Семинарда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Миллий институтлар ва минтақавий механизмлар секцияси инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Маттиас Клеттермайерлар иштирок этишди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад БМТнинг Миллий инсон ҳуқуқлари институтларини аккредитация қилиш бўйича кичик қўмитаси (SCA) томонидан берилган тавсияларни амалга ошириш, Омбудсман институти фаолиятини Париж тамойиллари талабларига мувофиқ амалга ошириш ҳамда бу борадаги халқаро тажрибаларни муҳокама қилишдан иборат.
Семинар давомида Омбудсман институтининг халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритишига доир муҳим йўналишлар, жумладан, Омбудсманни сайлаш жараёнлари, халқаро инсон ҳуқуқлари тизими ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига муносабат билдириш механизмлари, молиявий мустақиллик, институционал салоҳият, стратегик режалаштириш ва ҳудудий қамров масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, БМТ тизимидаги аккредитация жараёни юзасидан фикр алмашилиб, SCA тавсияларини амалга ошириш бўйича кейинги амалий қадамларни белгилашга қаратилган йўл харитаси лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилди.
Семинар давомида Омбудсман институти томонидан 2020 йилда GANHRIнинг “В” мақомидаги аккредитацияси олинганидан сўнг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимотлар ўтказилди. Хусусан, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тизими, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасидаги фаолият, ҳудудлардаги минтақавий вакиллар институти, жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик, мониторинг ва таҳлилий ишлар ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида маълумот берилди.
Семинар 15 июль куни ҳам ўз ишини давом эттиради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






