Тадбирлар Самарқанд вилоятидаги 7-сон Тергов ҳибсхонаси, Қашқадарё вилоятидаги 10-сон Жазони ижро этиш колонияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги 2-сон Тергов ҳибсхонаси ва Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус минтақавий филиали ҳамда Сурхондарё вилоятидаги 9-сон Тергов ҳибсхонасида ходимлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда 450 нафардан ортиқ ходим иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга қийноқларнинг олдини олиш соҳасидаги миллий ва халқаро ҳуқуқий механизмлар, жумладан, “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, “Миранда қоидаси” тамойиллари ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги ифодаси ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасидаги 2-сон Тергов ҳибсхонаси ходимларининг “Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенция” тўғрисида хабардорлик даражаси тест саволлари билан синовдан ўтказилди.
Тадбир якунида муассаса ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан асослантирилган жавоб ва ҳуқуқий тушунтиришлар олдилар.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






