Тадбирда Беларусь, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон Омбудсманлари ҳамда тегишли давлат органлари вакиллари иштирок этди. Ҳиндистон вакиллари эса онлайн форматда қатнашди.
Тадбир иштирокчилари ШҲТга аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасида тажриба алмашиш, профессионал ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ўз маърузасида мазкур мулоқот платформаси ШҲТга аъзо давлатларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бевосита ҳимоя қилувчи институтлар ўртасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибалар алмашиш учун муҳим имконият яратаётганини қайд этди.
Шунингдек, Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, тезкор ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш, қўшма экспертлик тадбирларини ўтказиш ҳамда ШҲТ доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида иштирокчилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган Якуний протоколни имзоладилар.
Мазкур Маслаҳат Кенгаши учрашуви ШҲТ доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида мунтазам профессионал мулоқот ва тажриба алмашиш платформасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






