Жумладан, Фарғона вилоятидаги 10-сон тергов ҳибсхонаси, Фарғона вилояти Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси, вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонаси ҳамда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасида яратилган шароитлар ўрганилди.
Ташрифлар давомида муассасалардаги ётоқ жойлари, тиббиёт бўлимлари, ювиниш ва санитария хоналари, ошхона, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон воситалари билан таъминланганлик ҳолати кўздан кечирилди. Шунингдек, сайилгоҳлар, учрашув хоналари, адвокатлар билан мулоқот қилиш учун ажратилган жойлар ва видеокузатув воситалари ҳолатига ҳам эътибор қаратилди.
Мониторинг доирасида муассасаларда ўрнатилган “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилди, сақланаётган шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Келиб тушган мурожаатлар белгиланган тартибда назоратга олинди, айрим масалалар юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ўрганиш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим ҳолатлар ҳам аниқланди. Хусусан, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасининг айрим камераларида пол ва девор қисмлари таъмирталаб ҳолатда экани, ювиниш хоналарида санитария-дезинфекция ишларини кучайтириш зарурати мавжудлиги қайд этилди.
Мониторинг якунлари бўйича аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли идораларга Омбудсман хулосаси киритилиши маълум қилинади.
Шу куни Фарғона шаҳрида жойлашган 10-сон тергов ҳибсхонасида “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида тадбир ҳам ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Тадбир муассасада сақланаётган ва хўжалик ишларига жалб этилган маҳкумлар иштирокида ўтказилди. Унда шу йўналишдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни жамиятга мослаштириш, нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида тушунтиришлар берилди.
“Омбудсман мактаби” тадбири савол-жавоб ва очиқ мулоқот руҳида ўтди. Якунда мурожаати бўлган маҳкум ва маҳбуслар қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати






