Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили қатор муассасаларда мониторинг ўтказди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 17-сон Жазони ижро этиш колонияси, 4-сон Тергов ҳибсхонаси, Қоракўл тумани ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва шу тумандаги Эркаклар мурувват уйи ҳамда Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати бўйича Бухоро вилоят филиалига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида қайд этилган муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари билан таъминланганлиги ҳамда сақлаш шароитлари, кутубхона, маданий дам олиш, телефон орқали сўзлашув, узоқ ва қисқа муддатли учрашув ҳамда тинтув, тергов ва адвокатлар хоналари, шунингдек, сайилгоҳдаги шарт-шароитлар, муассасалар ҳудудида ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳолати кўздан кечирилди.

Ўрганиш жараёнида Қоракўл туманидаги Эркаклар мурувват уйида айрим камчиликлар аниқланди. Жумладан, муассаса ошхонаси таъмирдан чиққанига қарамасдан, у ердаги газ плиталарининг носозлиги сабабли овқатлар ташқи ҳудуддаги вақтинчалик ва талаб даражасида жиҳозланмаган шароитда тайёрланаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, “Омбудсман қути”ларида қолдирилган ҳамда ҳоли тарзда ўтказилган қабуллар орқали келиб тушган мурожаатлар назоратга олинди. Айрим мурожаатлар бўйича жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Мониторинг якунларига кўра аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиши маълум қилинади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.