Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқаролар мурожаатлари жойига чиқиб ўрганилмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га келиб тушаётган мурожаатлар ҳудудларда жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Омбудсманнинг Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги минтақавий вакиллари томонидан фуқароларнинг уй-жой, тиббий хизмат, ижара ҳақини ундириш, маҳкумнинг соғлиғи ҳамда аҳоли осойишталиги билан боғлиқ мурожаатлари тегишли идоралар иштирокида кўриб чиқилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрида уй-жой ҳуқуқи билан боғлиқ мурожаатлар алоҳида ўрганилди. Фуқаролар олий таълим муассасасига тегишли оилавий ётоқхонадаги турар жойдан чиқариб юборилиши эҳтимоли, ушбу турар жойдан фойдаланиш ва уни хусусийлаштириш масалаларида амалий ёрдам сўраган. Мурожаатлар юзасидан жойига чиқиб ўрганиш ўтказилиб, фуқароларнинг важлари тингланди, ишга оид мавжуд ҳужжатлар таҳлил қилинди. Ҳолат қонунчилик талаблари асосида ўрганилмоқда.

Бухоро вилоятида эса онасининг мурожаати асосида 1-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум билан учрашув ўтказилиб, унинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолат ўрганилди.

Фарғона вилоятида тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ мурожаат мутахассислар иштирокида ўрганилиб, даволаш жараёнида камчиликларга йўл қўйган масъул шифокорга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Мурожаатдан сўнг беморга бошқа шифокор бириктирилиб, зарур тиббий муолажалар белгиланган.

Шунингдек, Андижон вилоятида фуқароларнинг шартнома асосида юзага келган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаати жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш жараёнида мурожаатчилар билан суҳбат ўтказилиб, ҳолатга оид мавжуд ҳужжатлар таҳлил қилинди. Наманган вилоятида эса мактаб ҳудудидаги ўйингоҳ шовқини юзасидан келиб тушган мурожаат жойида ўрганилиб, масъул идораларга мурожаат қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати